Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексига киритилган янги 621-боб, “Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексига киритилган янги 621-боб, “Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” ҳақида.

30 декабрь 2020 йил
392
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, уни ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди. 

Амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКга “Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” ҳақида 621-боб киритилди. 

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.

Гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида бериши мумкин.

Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида бир неча шахс жалб этилган бўлса, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчи билан алоҳида-алоҳида тузилади.

Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида иштирок этиш учун бир неча шахс жалб қилинган бўлса ва уларнинг барчаси билан ҳам айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилмаган бўлса, ўзи билан келишув тузилмаган гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга тааллуқли материаллар ажратилади ва улар бўйича иш юритиш умумий қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади, бу ҳақда келишувда кўрсатилади.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда умумий тартибда, жиноят иши келишув билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), агар ишда иштирок этаётган бўлса, қонуний вакил, ҳимоячи, прокурор иштирок этади.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқаради.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича айблов ҳукми Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодекснинг 54-боби талабларига мувофиқ чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКга “Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” ҳақида 621-боб киритилиши билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси “Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш” тўғрисидаги  “572-модда” билан тўлдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси572-моддасида, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги кераклиги қатъий белгилаб қўйилган.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг ўзига ҳос хусусиятларидан бири айбдор шахснинг ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлиб, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашиш ва келтирилган зарарни бартараф этишга қаратилган бўлиб, бу эса жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ва суд муҳокамаси муддатларини қисқаришига, иш бўйича ортиқча сарсонгарчилик ва сарф ҳаражатларни олдини олиш, барвақт қонуний хулосага келиш ва бунинг натижасида айбдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексига янги киритилган572-моддаси талаби асосида қонуний ва одилона жазо тайинланишига олиб келади.

Э.Ш.Олмосов

Жиноят ишлари бўйича Жиззах

шаҳар судининг раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар