Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳарда янги барпо этилаётган 16 қаватли уйлар қурилиши билан танишиш мақсадида маҳаллий ва республика ОАВ вакиллари, блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Жиззах шаҳрининг “Олмазор” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган уйларнинг ҳар бири 80 та хонадонли 6 та 16 қаватли қилиб қурилмоқда. Кеийнги уч йилда бу маҳалла жуда гавжумлашиб кетди. 16 қаватли уйлар қурилиши, Жиззах вилояти ҳаёти учун илгари кузатилмаган ҳолат. Бунгача энг баланд турар жой 9 қаватли бўлган. 16 қаватли уйлар нима учун зарур деган савол юзага чиққанда ҳам бунга бирдан бир тўғри жавоб урбанизация жараёнида марказ шаҳарлар аҳолиси сонининг кўпайиши, турган гапки, турар жой қурилишига мўлжалланган ер учун эҳтиёжнинг ошиши билан изоҳланса ўринли бўлади.
“Сифат масаласи эса, ҳар доим ҳам биринчи ўринда туради. Ҳар бир қаватда 5 та хонадон мавжуд, уларнинг 4 таси 3 хонали, 1 таси 1 хонали. Ҳар бир хонадон учун 2 та очиқ ҳавоза, балкон қурилган. Табиий газ таъминоти ердан то 9-қаватгача кўтарилган. Ундан тепа қаватлар учун эса таъминот тармоғи тепадан тушиб келади. Бу турмуш эҳтиёжи юқори бўлган мазкур коммунал хизмат – табиий газ таъминоти бир меъёрда тақсимот қилинишини кўрсатади. Иккита лифт хизмат кўрсатадиган 16 қаватли осмонўпар бинонинг қобирғаларини 14 метр чуқурликкача етиб борган мустаҳкам қозиқлар ушлаб туради. Деворлар эса металл каркасларга қуйилган мустаҳкам бетон қоришмадан иборат. Хонадонларда иссиқлик бир меъёрда, ёзу қишда бир хил мўътадил об ҳаво сақланиб турилишини таъминлаш мақсадида, ташқи деворларга базальт толасидан тўқилган қурилиш матоси қопланган экан”- дейди Ўзбекистон телеканалининг Жиззах вилояти бўйича мухбири Дилмурод Абдураҳимов.
Ташкил этилган пресс-тур давомида журналист ва блогерлар қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб, мутахасислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати