Жиззах шаҳрида спортнинг белбоғли кураш тури бўйича 24-27 ноябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун белбоғли кураш бўйича илк маротаба 2001-2003 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 24 ноябр куни ушбу чемпионат олдидан матбуот анжумани ташкил қилинди.
Матбуот анжуманида Жаҳон Белбоғли Кураш Ассотсацияси Президенти Азизбек Ғаниев, Ўзбекистон Белбоғли кураш Федерацияси раиси Равшан Дастиров, Белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Маҳаматов, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Жаҳон чемпионатида ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналишларда:
-52 кг, -62 кг, -68 кг, -75 кг, -82 кг, -90 кг, -100 кг ҳамда +100 кг вазн тоифаларида, қизлар эса -48 кг, -52 кг, -58 кг, -66 кг, -76 кг ҳамда +76 кг вазн тоифаларида куч синашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида 1-ўринни қўлга киритган спортчи 10 миллион сўм, 2-ўрин соҳиби 7 миллион сўм ва 3-ўринга сазовор бўлган спортчи 5 миллион сўм миқдорида пул мукофотига эга бўлишади.
Таъкидланишича, миллий спорт тури бўлган белбоғли курашни дунё бўйлаб кенг миқёсда ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 27 сентябрьида Литва давлатининг Вилнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ташкил этилди ва расман Европа Иттифоқидан рўйхатдан ўтказилди. Мазкур ассоциацияга ўзбекистонлик ҳамюртимиз Азизбек Абдухалилович Ғаниев президент этиб сайланган.
Президенти соврини учун 2001-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан терма жамоалар иштирок этиши кутилмоқда.
"Ҳозирги кунда белбоғли кураш спорт турига 35 мингдан ортиқ ёшлар қизиқиш билдиришмоқда ва бу йўналишда истеъдодли ёшларимиз сони жуда ҳам кўп. Чунки бу спорт тури бизнинг тарихимизга чанбарчас боғлиқ ва ота боболаримиздан қолган спортдир", -дейди Ўзбекистон Белбоғли кураш Федерацияси раиси Равшан Дастиров.
Унинг маълум қилишича, белбоғли кураш спорт турига асосий ҳомийликни Жаҳон Белбоғли Кураш Ассоциацияси кўрсатмоқда ҳамда ушбу спорт турини ривожлантириш учун қўшимча ҳомийларниниг бўлиши ижобий натижаларни кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда Жиззах шаҳрида жаҳон чемпионатини муносиб тарзда ташкил этиш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.