Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов мактаблар фаолияти билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлди.
Ўрганиш жараёнини «Янги келажак касблари» марказидаги тўгараклардан бошлади. Бугунги кунда болаларни замонавий билим ва касб ўрганишларига иштиёқини ошириш, бунда замонавий технологиялардан фойдаланиш юзасидан тўгаракнинг устоз ва мураббийларига ўз тавсияларини берди.
«Бугун олдимизда турган асосий вазифа – ўқувчиларнинг савиясини, уларни илм олишга бўлган иштиёқини оширишдан иборат. Энг чекка ҳудудларда ҳам ўқувчи жаҳон стандартлари асосида таълим олиши лозим. Бунда эса ўқитувчиларимиздан жуда катта билим, меҳнат ва фидоийлик талаб этилади. Бунинг учун эса биз ўқитувчиларимизнинг билим беришлари учун шарт-шароитларни яхшилашимиз лозим ва бу келгуси стратегиямизнинг энг асосий йўналиши бўлади», дея таъкидлади вазир.
Шундан сўнг вилоятдаги физика ва математика фанига ихтисослашган янги мактаб қурилишини бориб кўрди.
Шунингдек Бахтиёр Саидов Зомин туманида «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари учун қурилаётган ёзги оромгоҳда бўлди. Оромгоҳнинг ҳавоси тозалигини эътиборга олиб, унда мавжуд бўш ер ҳудудида ўқитувчиларнинг дам олиши учун ҳам санаторий қуриш бўйича таклифни илгари сурди.
«Бундай баҳаво ерда нафақат ўқувчилар, балки устозлар ҳам дам олишлари албатта болаларимизнинг сифатли таълим олишлари учун замин яратади. Ўқитувчига яхши шарт-шароитлар яратиб берсаккина, улар бизнинг келажак авлодга сифатли таълим беради», дея таъкидлади вазир.
Жиззах шаҳридаги 22-Ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби жамоаси билан учрашувда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, табиий фанларни ўқитишда амалий машғулотлардан фойдаланиш, хусусан, сифатли видеоконтентлар яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.