Статистика: Жиззахдаги кичик корхоналар сони қанча
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ВМ-66-сон Қарори асосан мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ўз ўрнида, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш борасида ҳам қонунчиликда муҳим қарорлар қабул қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинмоқда. Бу эса аҳоли ҳамда хорижий сармоядорларнинг ўз шахсий бизнесини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Кичик тадбиркорлик субъектлари сони (фермер ва дехқон хўжаликларсиз)
2021 йил 1 ноябр ҳолатига Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмаларнинг сони 20 165 тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2020 йил 1 август ҳолатига қараганда 17,0 % га ошган. Фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмаларнинг асосий қисми яъни 6 045 таси (30,0 %) Жиззах шаҳрига, 3 312 таси (16,4 %) Ш.Рашидов, 1 675 таси (8,3 %) Ғаллаорол ҳамда Зомин 1 598 таси (7,9 %) туманлари ҳиссаларига тўғри келади.
Иқтисодий фаолият турлари кесимида фаолият кўрсатаётган жами 20 165 та кичик корхона ва микрофирмаларнинг 5 804 таси (28,8 %) – савдода, 3 926 таси (19,5 %) - қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида, 3 799 таси (18,8 %) - саноатда, 2 155 таси (10,7 %) - қурилишда, 1 465 таси (7,3 %) - яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида, 640 таси (3,2 %) - ташиш ва сақлашда, 266 таси (1,3 %) - ахборот ва алоқа соҳасида, 236 таси (1,2 %) - соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда, шунингдек 1 874 таси (9,3 %) - бошқа фаолият турлари ҳиссаларига тўғри келади.
2021 йил январ - ноябр ойлари ҳолатига 3 669 та кичик корхона ва микрофирмалар янги ташкил этилган. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қараганда 76 тага кўпдир. Энг кўп янги ташкил этилган кичик корхона ва микрофирмалар Жиззах шаҳрида (939 та), Ш.Рашидов (523 та), Ғаллаорол (384 та), Зомин (312 та), Бахмал (291 та), Фориш (268 та) ва Зарбдор туманларида (184 та) ташкил этилган. Энг кам Янгиобод (82 та), Зафаробод (86 та) ва Арнасой (121 та) туманларида ташкил этилган.
Иқтисодий фаолият турлари кесимида эса энг кўпи савдода (1 188 та), саноатда (756 та), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида (754 та), қурилишда (221 та) ва яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (220 та) ташкил этилган. Энг кам эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда (44 та), ташиш ва сақлашда (53 та) ҳамда ахборот ва алоқада (90 та) ташкил этилган.