ЎзМУ ректори университетнинг Жиззах филиалига борди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов университетнинг Жиззах филиалига ташриф буюрди.
Университет ректори ташриф доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг яшаш, ўқиш, маданий ҳордиқ чиқариш, меҳнат қилишлари учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Талабаларнинг билим олишлари билан бирга дам олишлари, ўз устида ишлашлари, илмий изланишлари учун кенг имкониятлар яратиш борасида режали ва тизимли иш ташкил қилиш хусусида фикр алмашинилди.
Филиал жамоаси билан бўлган учрашувда бугунги таълимдаги ислоҳотлар, ечимини кутаётган муаммолар, ўқитишнинг жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасидаги амалга оширилиши зарур бўлган масалалар хусусида фикр алмашинилди. Бугун жамият ва тараққиёт учун рақобатбардош, изланувчан, дунёқараши кенг, фикрлайдиган, ахборот технологиялари, чет тилларини ўзлаштирган, ватанпарвар кадрлар тайёрлаш устувор вазифамиз эканлиги университет ректори томонидан таъкидланди.
ЎзМУ ректори Жиззах филиалига ташрифи доирасида кун тартибида турган масалалар ечими бўйича аниқ таклифларини берди.
ЎзМУ Ахборот хизмати