Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » Жамиятда гендер стереотиплари

Жамиятда гендер стереотиплари

16 октябрь 2023 йил
158
0

Гендер стереотиплари деганда, “эркакларга хос” ва “аёлларга хос” тушунчаларга мос келувчи хулқ-атвор моделлари ва характер хусусиятлари тўғрисидаги андозалаштирилган тасаввурлар тушунилади. Гендер стереотиплари оилавий, профессионал ва бошқа соҳаларда муайян ижтимоий ролларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Аёлларга, одатда, асосий вазифа сифатида оилавий роллар – она, уй бекаси, турмуш ўртоғи каби, эркакларга эса – профессионал роллар белгиланади. Замонавий жамиятда аксарият ҳолларда эркакларга ўз касб-корида эришган ютуқларига қараб, аёлларга эса – оиласи ва болалари мавжудлигига қараб баҳо беришади. Афсуски, бизнинг жамиятимизда ҳам аёллар ва эркакларга нисбатан айнан шу қараш инсонлар онгида мустаҳкам ўрин олган.

Гендер стереотипларнинг салбий таъсирини оила доирасида кузатиш мумкин: гендер ролларга нисбатан қўлланиладиган қатъий ижтимоий талаблар аёлларга фақат оила, фарзандлар тарбияси ва уй-рўзғор юмушлари каби вазифаларни юклайди, унинг профессионал салоҳиятини намоён этишига йўл қўймайди.

Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер стереотиплар салбий таъсирининг энг катта ҳавфи улар асосида гендер хурофотларнинг (gender bias, аёл ёки эркаклар ҳақида қотиб қолган тасаввурлар) юзага келишидир. Гуруҳ ёки инсонга нисбатан уларнинг жинсий мансублигига қараб, асоссиз равишда салбий муносабатда бўлиш бу гендер хурофотлар бўлиб, агар стереотип – “фикр” бўлса, у ҳолда хурофот – бу ҳаракат сари қадамдир

Агар иш берувчилар фақат эркакларни ишга қабул қилаётган бўлса, демак, бу номзод-аёлларга нисбатан камситишдир. Ва, аксинча. “Фақат оналар болага ғамхўрлик қила олади ва тегишлича парваришни таъминлайди” деган хулоса оталарга нисбатан камситиш ҳисобланади. Агар гендер стереотипларда эркаклар билан аёллар ўртасидаги фарқлар ҳақида фикр-мулоҳазалар, қарашлар ва баҳолашлар ифодаланган бўлса, у ҳолда бу стереотиплар муайян бир жинсга нисбатан камситиш муносабатини ўз ичига олади ҳамда кўп ҳолларда бундай муносабат амалиётда ўз ифодасини топади

Аёлларга нисбатан ишга киришда ва уларнинг меҳнат фаолияти давомида камситиш даражасини аниқлаш мақсадида, муаллиф “Гендер нотенглик ва стереотипларнинг ишга кириш/касб танлашга бўлган таъсири” мавзусида “Google Forms” орқали аноним сўровнома ўтказди. Ушбу сўровнома NeMolchi.uz (Sukut Saqlama) Telegram канали ва Facebook саҳифалари обуначилари орасида, шунингдек MyTSUL телеграм канали ва Instagram саҳифаларида эълон қилинди. Мазкур тадқиқотда 16 ёшдан 63 ёшгача бўлган 333 нафар киши (271 та аёл, 63 та эркак) қатнашди. Сўровнома иштирокчиларининг 103 таси ишга кириш жараёнида камситишга учраганини таъкидлаган.

Ишга қабул қилишда ва меҳнат фаолияти давомида гендер стереотиплари ва камситиш ҳолатларига аксарият аёллар дуч келади. Аммо бу ҳақда очиқ гапириш жамиятимизга тўғри келмайди, деган ёзилмаган “қонун” мавжуд. Кўпинча, аёллар бундай ҳолларда индамай чидашни афзал кўришади. Сабаби, аёл киши ёшлигидан қийинчиликларга “бардошли” бўлишга ва эътироз билдирмаслик руҳида тарбияланади, бунинг оқибатида эса шу каби ҳолатлар такрорланаверади.

Сўров давомида айнан қандай ҳаракатлар амалга оширилгани сўралганда, 100 та респондент ишдан бўшагани, 30 таси бошқа бўлимга ўтгани, 14 таси раҳбариятга, 11 таси эса касаба уюшмаси ва ходимлар бўлимига мурожаат қилганини таъкидлашди. Қолганлар “вазиятга кўникишган” ёки “ҳеч қандай чора кўришмаган”.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, аёллар ишга киришда ва меҳнат фаолияти давомида кузатилган гендер тенгсизликка нисбатан деярли ҳеч қандай муносабат билдиришмайди. Бу “жимлик” давом этар экан, аёллар гендер стереотипларининг соядаги “қурбонлари” бўлиб қолаверадилар.

Аёлларга “мос” касблар ҳақида

Гендер стереотиплари аёл ва эркакларнинг касб танлашига ҳам таъсир кўрсатган. Масалан, ўт ўчирувчи деганда кўз олдимизда эркак киши гавдаланади, ҳамшира касби эса фақат аёлларники ҳисобланади. Аслида, бу стереотип фикрлашдан бошқа нарса эмас. Кўпчилик онгида аёллар ва эркакларга қандай касблар мос келиши ёки келмаслиги белгилаб бўлинган. Масалан, жамиятимизда архитектор, ҳайдовчи, муҳандис, механик каби касблар кўпроқ эркакларга, ўқитувчи, тарбиячи, шифокор, ҳамшира каби касблар аёлларга тегишли деган фикрлар кўп учрайди.

Бундан ташқари, оилада кўпинча қиз ёки ўғил фарзанд тарбиясида турли ёндашувлар мавжуд. Ўғил болалар аксарият ҳолатларда мард ва қўрқмас, ўз ҳаққини талаб қиладиган, ҳиссиётларини яширмайдиган, бошқарувни ўз қўлига оладиган шахс сифатида тарбияланса, қизлар андишали, итоаткор, кечиримли, сабрли, ўз фикрини билдиришдан ва ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишдан тийиладиган қилиб тарбияланади. Ушбу стереотип ёндашув оқибатида раҳбар лавозимларни кўпинча эркаклар эгаллайди, аёлларни эса ижрочихарактердаги ишларда учратамиз.

Тадқиқот натижалари касб танлашда гендер стереотипларининг ўрни муҳимлигини кўрсатмоқда. “Аёлларга хос” касбларнинг аёллар томонидан кўпроқ танланиши, ёки кўп ҳолларда аёлларнинг раҳбарлик лавозимига интилмаслиги, турмуш ўртоғи ёки оиласи томонидан аёлнинг ишлашига тўсқинлик қилиниши аксарият инсонлар учун оддий холат сифатида қабул қилинади.

Гендер камситишни келтириб чиқарувчи гендер стереотипларнинг ёшлар онгида мустаҳкам ўрин олишида аввало оиладаги муҳит сабабчидир. Аксарият ўзбек оилаларида аёллар эрининг ижозатисиз ўқимайди, ишламайди, ҳаттоки фарзандлар онадан бирор нарса сўраганида, “отанг нима деса шу” деб жавоб қайтаришга одатланган. Бунинг оқибатида фарзандларда “отам онамдан устун” ёки “отамнинг фикри онамникидан муҳим” деган тушунча пайдо бўлади. Натижада,уларнинг онгига синган гендер стереотиплар ҳаётда ўз таъсирини кўрсатади.

 Гендер стереотипларининг ёшлар ва катталар онгида шаклланиши ва мустаҳкамланишида фақатгина оила ёки атроф муҳит маъсул деган фикрдан йироқ. Гендер стереотипларининг тарғиботида ОАВнинг ўрни ҳам жуда катта. Масалан, “Севимли” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Менинг қайнонам генерал” номли кўрсатувда жамиятимизда энг кўп муҳокама қилинадиган қайнона ва келин муносабатлари акс этади. Бунда келинларнинг овқат пишириши билан бирга уларнинг чаққон бўлиши, барча уй юмушларини ўз вақтида бажаришлари орқали “идеал келин” образи шакллантирилади. Келиннинг оила аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, дам олиши, бола тарбияси билан шуғулланиши, инсон сифатида ривожланиши, касбий жиҳатдан ўз устида ишлаши борасидаги масалалар кўрсатувда умуман кўтарилмайди. Фақатгина аёлнинг оиладаги ўрни ҳақида гапирилиб, кўпроқ келиннинг бошқа оила аъзоларига тобе бўлиши кераклиги уқтирилади. Бу эса жамиятимизда гендер стереотипларини тарғиб қилиб, жамиятда гендер тенгсизликни нормал ҳолат сифатида қабул қилишни мустаҳкамлайди.

Юқоридаги мисоллар орқали, аёлларни нафақат турмуш ўртоқ, келин, она, уй бекаси, балки шахс сифатида ўзини намоён қилишига, профессионал ривожланишга ҳуқуқи борлигини кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидламоқчиман. Эркакларнинг аксарият қисми очиқчасига тенгликка интиладиган аёлларни ёқтирмаслиги сир эмас. Шунингдек, жамиятимизда кўпчилик аёлларининг тенгликка интилмаслиги ҳам бор гап. (муаллиф бу фикр орқали ҳеч бир аёлни камситишни назарда тутмайди). Фикримча, шу сабаб, ишга кириш жараёнида ёки меҳнат фаолиятида аёлларнинг гендер дискриминациясига учраши “оддий” хол сифатида қаралиб, ушбу стереотипларни жамият онгига сингиб кетганидан далолат беради. Аммо, бундай вазиятлар ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши мумкинлигини англаб етиш лозим

Марказий Осиёда аёлларнинг оила ва ишдаги ролига маданий омиллар таъсир кўрсатади. Уй юмушлари, норасмий секторда кам ҳақ тўланадиган деярли барча ишларга аёлларнинг иши сифатида қаралади. Табиатига кўра, бу турдаги анъанавий уй-рўзғор ишлари ўқиш ва ўрганишга озгина вақт ажратадиган аёлларни иқтисодий зарбаларга ҳимоясиз қилиб қўяди. Аёлларнинг турмуш қуриш факти уларни меҳнат муносабатларида камситилишига олиб келади. Бу дегани турмуш қуриш ёшидаги аёлларни ишга қабул қилаётган иш берувчи уларга меҳнат шароитларини таъминлаш чоғида келгусида оналик билан боғлиқ қонунчилик назарда тутган кафолат ва имтиёзларни ўйлаб, улар билан меҳнат шартномасини тузишни истамай қолади ва танловни бошқа шахс фойдасига ҳал қилади. Ҳозир мамлакатимизда хусусий сектор ривожланаётган ва тадбиркорликка кенг шароитлар яратилаётган даврда янги иш бошлаган тадбиркорни бундай кафолатлар маълум маънода «чўчитади». Шу боис, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларни ишга қабул қилишда иш берувчиларга солиқ қонунчилиги бўйича имтиёз ёки преференциялар белгиланса, назаримда, мақсадга мувофиқ бўларди.

олий таълим муассасаларининг бирида фаолият юритган пайтимда, ташкилот раҳбарининг аёл ходимлар ўртасидаги дугоналик муносабатларига аралашиши, яъни лавозимидан фойдаланиб, ким билан дўст бўлиш сингари шахсий эркинлигимга тўсқинлик қилиши ва кўрсатма бериши, унинг “эркак”лигини, яъни ишхонада ҳам хўжайин эканлигини “мардларча” намоён қилишдан бошқа нарса эмас эди. Аёл ҳамкасбим билан бўлган дўстона муносабатларимизга доимий ва одобсизларча аралашуви меҳнат фаолиятимга салбий таъсир кўрсатиб, иш жойимни ўзгартиришимга сабаб бўлди. Кейинчалик ўша ҳамкасбим ҳам бошқа ташкилотга ўтиб кетишга мажбур бўлди.

Давлат органлари идораларида ишлайдиган аёл ходимларга анча қийин. Сабаби, раҳбар ходимларнинг аксарият қисми – эркаклар. Бу ўз навбатида, кўп тўсиқларга сабаб бўлади. Масалан, хорижий давлатларга юбориладиган делегацияларда аёллар кам қатнашиши, эркак раҳбарнинг танловига кўра, унинг қўл остида асосан эркак ходимларнинг ишлаши керак деган стереотипнинг мавжудлиги, бунинг сабаби эса, эркак раҳбарларнинг фикрига кўра, аёл кишидан фойда камроқ, чунки у оилавий вазифаларини бажариш учун ишдан ўз вақтида кетади ва эркак ходимларга ўхшаб, кечги соат 22-23 ларгача қолиб кета олмайди. Раҳбар лавозимларга хам асосан эркакларнинг номзоди кўйилади ва тайинланади, бу ўз навбатида, аёлларнинг карьера чўққисини забт этишига тўсқинлик қилади.

Раҳбарингиз ёки ҳамкасбларингиз томонидан камситиш ҳолатларига дуч келганмисиз?

Ирода Шамсиева: – Раҳбар томонидан кўп бўлмасада, камситишлар бўлган. Масалан, илмий ҳисобланган ташкилотдаги раҳбарим юмшоқ қилиб айтадиган бўлсам, аёлларнинг профессионал ва академик ўсишини ҳоҳламас, фаол, билимли ва ташаббускор аёлларни ёқтирмас эди. Бунга амалда қатъий тўсқинлик қилмасада, ҳатти ҳаракатлари ва гап сўзлари билан яққол намоён қилар эди.

Ширин Тўлаганова: – Ҳамкасбларим томонидан умуман камситишга учрамаганман. Аммо, раҳбар томонидан бир неча бор камситишларга дуч келдим. Кўпинча, бу касбий фаолиятим билан боғлиқ холатлар юзасидан бўлса керак. Бир йили яхши бир ишга жойлашмоқчи бўлдим ва суҳбатга бордим. У ерда менга “фарзандингиз битта экан, яна яқин орада фарзанд кўрмоқчимисиз?” деган савол беришди, шунда мен “ҳа, насиб қилса” деб жавоб қайтардим. Эртаси куни менга рад жавобини беришди ва бунинг сабаби сифатида “бу ўринга кўпроқ эркак ходим истаётганликларини” айтишди. Уларнинг гапига қараганда, эркак ходимлар аёллар каби “декрет” таътилига чиқмайди, “болам”, “уйим” деб кўп ишдан жавоб сўравермайди, шу сабабли уларга мунтазам равишда, кечки вақтгача ишлайдиган ҳодимлар маъқуллигини таъкидлашди. Энг қизиғи, юрист сифатида бундай жавобни “жинс бўйича камситиш” эканлигини англасамда, аёл сифатида буни “оддий” ҳол деб қабул қилдим ва ҳеч қандай чора кўришни лозим топмадим.

Аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигига оид ёндашувнинг асослари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қадимдан аёллар «уй одами» деб ҳисобланган бўлиб, бу каби ибтидоий қараш сояларининг сақланиб қолингани ҳозирги XXI аср глобаллашув шароитида ҳам кузатилади. Менталитетимизга хос бўлган яққол мисоллардан бири  болалик чоғидан қизларни келгусида шифокор ва ўқитувчи каби «аёл кишига мос» касбларга йўналтирамиз. Ўқитувчи ва шифокорлар қисқартирилган иш вақтида ишлагани учун ҳам бу касблар оилавий вазифаларни биргаликда олиб боришга тўсқинлик қилмайдигандек туюлади. Оқибатда қайсидир маънода келгусидаги касбга тақлидий ёндашув туфайли қизлар ўқитувчи ва шифокор бўлишга интилишади. Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани тақдирда ҳам жамият кўп ҳолларда жиддий масъулиятли лавозимларга эркак ходимни маъқуллайди. Яъни, жамият аёлларни депутат, судья, бўлим бошлиғи каби лавозимда эмас, балки цехда тикувчи, котиба, кичик корхонада менежер, ҳамшира ёхуд мактабда «бир умр» дарс берувчи ўқитувчи сифатида кўради. Бу ҳолат, яъни касбларни «аёл ёки эркак кишига хос»га ажратиш профессионал сегрегацияни келтириб чиқаради. Бу муносабатни қайсидир маънода аёлни эҳтиётлаш тарзидаги ижобий қараш дейиш мумкин. Бироқ, ҳозирги глобаллашув шароитида барча аёлларнинг турмуш тарзи, оиладаги ролини анъанавий кўринишдагидек бир хил мақомда деб бўлмайди. Шу ҳолатда аёлларни «эҳтиётлаш» тарзидаги юқоридаги муносабат ўз-ўзидан меҳнат муносабатларида камситишга сабаб бўлаётган ҳоллари ҳам кузатилиб турибди.

Ўтган йилларда мамлакатимизнинг қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлгани инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим ҳисобланган Аёлларга нисбатан барча турдаги камситишларни тугатиш тўғрисидаги, Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Аёл ва эркакларни бир хил қийматга эга меҳнат учун бир хил рағбатлантириш тўғрисидаги, Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциялар, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилишга асос бўлди. Бундан ташқари, гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг

2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларида асосий мақсадларнинг бири сифатида белгиланди.

Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ҳамма жойда барча хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини, эрта никоҳлар ва зўрлаб никоҳлашни тугатиш каби қатор чора-тадбирлар назарда тутилган.

Шу билан бир қаторда, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этиши ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилиши учун тенг имкониятларни таъминлаш ва гендер тенглик тамойилларини бошқарувнинг турли босқичларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнига тўла сингдириш каби вазифалар ҳам ўз аксини топган.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди. Эндиликда, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш масаласи ҳам қўмита фаолиятининг асосий йўналиш­ларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгарлиги белгиланди.

Жорий йилнинг 20 августида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 241-сонли буйруғи билан Ички ишлар органларининг Хотин-қизлар кенгашлари тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий ички ишлар органларида Хотин-қизлар кенгашлари ташкил этилди. Ушбу кенгашларнинг асосий вазифалари ички ишлар органлари соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий-маърифий савия­си ҳамда ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, оилавий муносабатларни соғломлаштириш, ажрашишлар сонини камайтириш, хотин-қизлар мақоми ва фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади.

Бугунги кунда ушбу кенгашлар ўз вазифаларини тўлиқ ва сифатли бажариш учун уларнинг доимий аъзолари, авваламбор, ички ишлар органларида хизматни ўтаётган ҳар бир хотин-қизнинг турмуш ва меҳнат шароитларини, меҳнат жамоасида уларнинг ўрни ҳамда ижтимоий муҳитни ўрганиш, муаммоларни аниқлаш ва ижобий ҳал этиш масаласига эътибор қаратиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

2022-йилнинг 2 сентяб­рида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ушбу қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати ҳисобланади.

Ушбу ҳужжатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмларини белгилади. Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Респуб­ликасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу соҳада давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, ушбу соҳада қилинган ишлар бўйича ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиш, хотин-қизлар ва эркак­лар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш соҳасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан хамкорликни амалга оширишдан иборат.

Дарвоқе, қонуний ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик айрим ижтимоий муносабатларга татбиқ этилмайди. Мазкур қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, қуйидагилар жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди:

бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;

қонунда белгиланган тартибда муддатли ҳарбий хизматга чақириш;

гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;

хотин-қизлар ва эркакларнинг меҳнатини муҳофаза қилишда репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;

касбий малакага доир тавсиялар бериш;

қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш.

Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни алоҳида ўрин эгаллайди. Мазкур қонунда хотин-қизларга нисбатан жамиятда учрайдиган барча турдаги тазйиқ ҳамда жинсий, жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмлари белгиланган. Қолаверса, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ички ишлар, меҳнат, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, жумладан, Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари каби ташкилотларнинг ваколат ва вазифалари, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги масаласи ушбу қонунда кўрсатиб ўтилган.

Юқорида қайд этилганлар мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларнинг бир қисмидир. Келгусида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда тўлақонли ва мақсадли иштирокини таъминлаш бўйича тизимли, изчил ишларни ҳамда амалдаги қонунлар ва норматив ҳужжатларнинг ижроси мониторингини амалга ошириш зарур. Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятлари институтларини ушбу жараёнга кенг жалб этиш ва фаоллигини кучайтириш ҳам истиқболдаги вазифалар сирасига киради.

Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.

Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда:

  • аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
  • аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
  • аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
  • ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.

Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.

Фурсатдан фойдаланиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқидан иқтибос келтиришни ўринли деб биламан:

“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

Шу куни Президентнинг таклифига биноан, мамлакат тарихида илк бор Сенат раислигига аёл киши – Танзила Норбоева сайланди. Маълумки, Норбоева хоним Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.

Мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди. БМТнинг деярли барча агентликлари, жумладан БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти ушбу икки қонун бўйича ўз изоҳ ва таклифларини беришди.

Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

Мазкур янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир.

Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.

Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.

Гендер сиёсатининг мониторинги ва самарадорлигини баҳолаш соҳасида www.gender.stat.uz сайтида қўшимча 54 та гендер кўрсаткичларини киритиш орқали муҳим ўзгаришлар рўй берди.

Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.

Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.

Бинобарин, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг бажарилишини таъминлаш учун “Йўл хариталари”ни қабул қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Гендер тенглиги бўйича миллий стратегияни қабул қилиш режаси ҳам мавжуд. БМТ агентликлари гендер тенглик ва камситмаслик масалаларида, шу жумладан махсус ҳужжатларни режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги кодексларнинг махсус қоидаларини – жиноий, процессуал ва ижро этувчи босқичларни ишлаб чиқишда бундан кейин ҳам кўмак беришга тайёр.

Шунингдек, қабул қилинаётган у ёки бу даражадаги ҳужжатларнинг аёллар ва эркаклар учун бир меъёрда бўлишига эришиш учун қонунчиликнинг гендер экспертизасини ўтказиш мажбурийлигини таъминлаш муҳимдир.

Ўз навбатида, бизнес инкубаторлари билан бир қаторда, аёлларни таълим ва фан соҳасида рағбатлантириш, шунингдек, STEM (Фан, технология, муҳандислик, математика) лабораториялар яратиш орқали уларни табиий ва техник фанлар соҳасига жалб қилиш чораларини кўриш зарур. Бу, ўз навбатида, аёлларнинг бандлигини, замонавий меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.

Қабул қилинаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш кун тартибидаги тамойилларни, айниқса, “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда, ҳар хил камситиш шаклларига мойил бўлган хотин-қизларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш долзарб масаладир. Бу ерда мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқлардаги хотин-қизларга, этник озчилик гуруҳлари, ногиронлар, ОИВ/ОИТСга чалинган аёллар, озодликдан маҳрум қилиш ва чеклаш жойларидаги хотин-қизларга (шу жумладан қамоқхоналар, пансионатлар, қариялар уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналари), инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочқинларга асосий эътибор қаратилади.

Айни пайтда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида гендер масалалари бўйича махсус гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унинг таркибига БМТнинг деярли барча агентликлари вакиллари киритилган. Масалан, юқорида қайд этилган Қонунларга берилган тавсиялар ҳали лойиҳа пайтида гуруҳ ишининг бир қисми эди. Ушбу гуруҳ фаолияти мисолида БМТ агентликлари бошқа қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда ёрдам беришга доим тайёр.

Бундан ташқари, конференция, видеоролик, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги юридик клиника, ижтимоий тармоқлар каби турли форматларда аёллар муаммолари тўғрисида хабардорликни ошириш бўйича кўплаб тадбирлар кун тартибидан жой олган. Бу борада “Тараққиёт стратегияси маркази ва бошқа нодавлат ташкилотлар билан ҳам фаол ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистондаги БМТнинг жамоаси айни пайтда барча миллий ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг кенг маслаҳатлашувлари биланишлаб
чиқилаётган “2021-2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш ҳамкорлик дастури” доирасида гендер тенгликни таъминлаш учун мамлакатга ҳар томонлама ёрдам беришда давом этади.

Жаббарова Гулноза Орзиқуловна

ЎзМУ Жиззах филиали 3-босқич талабаси 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар