Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » Жиззахда ғолиблар муносиб тақдирланди

Жиззахда ғолиблар муносиб тақдирланди

18 июль 2022 йил
187
0

Жиззах шаҳрида 2 кун давомида спортнинг қўл жанги бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ҳамда профессионаллар ўртасидаги рейтинг жанглари ниҳоясига етди.

Президентимизнинг 2022 йил 20 июндаги “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида Спортни ривожлантириш вазирлиги, Қўл жанги федерацияси ташаббуси билан Жиззах вилояти ҳокимлиги, давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гаврдия вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан жами 500 нафар атлетлар ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов ва бошқалар, мамлакатимизда спортга берилаётган эътибор, ёшларнинг бўш вақтида спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратилаётган шароитлар тўғрисида гапириб, барча мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Сўнгра яқиндагина қўл жанги бўйича Бухоро шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионатида ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритган жиззахлик спортчиларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

– Вилоятимизда 2 минг 400 нафарга яқин болалар, ўсмирлар, ёшлар ва катталар спортнинг қўл жанги тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда, – дейди вилоят терма жамоаси бош мураббийи Ҳусан Эргашев. – Шогирдларимнинг 26 нафари Ўзбекистон чемпиони, 11 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси нормативини бажарган, турли халқаро мусобақалар ғолиблари ва 9 нафар спортчимиз ўз вазн тоифаларида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган. Мақсадимиз – спортнинг ушбу турини болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида янада оммалаштириб, уларни ҳар томонлама – жисмонан, ақлан, руҳан соғлом ва етук фарзандлар этиб камол топтириш, муносиб Ватан ҳимоячилари қилиб тайёрлашдан иборат.

2007-2008 йилларда таваллуд топган ўсмирлар 8 вазн тоифасида худди шу йили туғилган ўсмир қизлар 6 вазн тоифасида, 2001-2004 йилларда туғилган қизлар 5 вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ўсмир ва ёшлар ўртасидаги мусобақалар якунлангач, 4 та вазн тоифасида жиззахлик профессионал спортчилар бошқа вилоятлардан келган қўл жанги усталарига қарши рейтинг жангларида иштирок этди.

62 килограмм вазн тоифасида жиззахлик Ҳусниддин Сатторов Наманган шаҳридан келган рақибини оғритиш усули билан мағлуб этган бўлса, 73 килограммликлар жангида Далер Йўлдошев Сирдарё вилоятидан келган рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. 80 килограммлик атлетлар баҳсида Дилмурод Хўжамбердиев Тошкент вилояти спортчисини муддатидан аввал нокаут билан мағлуб этди ва 88 килограмм вазн тоифасида Миллий гвардия хизматчиси Жаҳонгир Турсунқулов сурхондарёлик рақибидан ҳар томонлама устун эканини исботлади. 

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом, “олтин”, “кумуш” ва “бронза” медаллари, қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар