Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » “Сўғдиёна” яна 2-ўринга кўтарилиб олди

“Сўғдиёна” яна 2-ўринга кўтарилиб олди

26 август 2021 йил
111
0

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Coca-Cola Суперлигасининг 16-тур ўйинлари старт олди. Ушбу тур ўйинларидан бири Жиззах шаҳрида майдон эгалари “Сўғдиёна” жамоаси ва турнир жадвалида улардан бир поғона пастда бораётган Навоийнинг “Қизилқум” клуби ўртасида ўтказилди.

Ўйин кутилганидек жиззахликларнинг ҳужумлари билан бошланди. Учрашувнинг 38-дақиқасига келиб бу устунлик амалда исботланди. “Сўғдиёна” тўпурари Шоҳруз Норхоновнинг ажойиб узатмасидан сўнг жиззахликлар ярим ҳимоячиси Даниэль Насриддинов “Қизилқум” жамоасининг тажрибали дарвозабони Игнатий Нестров дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни 1:0 га етказди.  

Танаффусгача ҳар иккала жамоада гол киритиш учун имкониятлар бўлсада, бунинг уддасидан чиқа олишмади.  

Учрашувнинг 2-бўлими ҳам Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна” футболчиларининг ҳужумлари билан бошланди. Учрашувнинг 64-дақиқасида майдон эгаларининг сербиялик легионери Лука Чермель ажойиб зарба йўллаб, “Қизилқум” дарвозасини яна бир бор ишғол этди – 2:0.  

Ана шу ҳисобдан сўнг жиззахлик футболчилар ўйинида бироз сусайиш сезилди. Навоий вилояти футболчилари эса аксинча, ҳужумга ўтди. Учрашувга ҳакамлар томонидан қўшиб берилган дақиқаларда жарима майдони ичида тўп жиззахлик ҳимоячилардан бирининг қўлига тегди ва натижада учрашув ҳаками Илгиз Танташев “Сўғдиёна” дарвозаси томон 11 метрлик жарима тўпи белгилади. “Қизилқум”нинг грузиялик легионери Элгужа Григалашвили тепган тўпини жиззахликлар посбони Милан Митрович қайтарди. Аммо қайтган тўпни Элгужа яна бир бор дарвозага йўллади, 2:1.

Ҳар икки жамоа бош мураббийлари учрашувдан кейин матбуот анжуманида иштирок этди.

– Биз учун ҳар бир очко муҳим, – деди “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев. – Суперлигамизда барча жамоалар деярли тенг кучга эга. Ҳеч бир клуб осонлик билан ғалаба қозонаётгани ва ёки аксинча мағлуб бўлаётгани йўқ. Ҳар бирининг мақсади бор, у ҳам бўлса, рақиби устидан ғалаба қозониш. Жамоамиз бугун яхши ва тартибли ўйин кўрсатди. Чиройли ғалаба билан уларни ва барча жиззахлик футбол мухлисларини табриклайман. Олдинга интилишда давом этамиз.  

– Ўйин яхши ўтди, 7 учрашувдан буён “Сўғдиёна”ни мағлуб эта олмай келяпмиз, – деди “Қизилқум” бош мураббийи Ҳамиджон Актамов. – Ушбу мавсумда эса жиззахликлар биздан 4 очкони тортиб олди. Биринчи бўлимда ўзимиз яратган вазиятлардан фойдалана олганимизда иккинчи бўлимда янада бошқача футбол кўрган бўлардик. Икки жамоа ҳам охиригача ҳаракат қилди. Учта марказий ҳимоячимизнинг йўқлиги бизга панд берди. Футбол шунақа спорт тури – тўп юмалоқ, майдон текис, унда кимдир ютади, иккинчи бир жамоа эса мағлубиятини тан олишга мажбур.

Шу куни Coca-Cola Суперлигасининг 16-турдан ўрин олган Қўқон шаҳридаги учрашувда “Қўқон-1912” клуби Термизнинг “Сурхон” жамоаси устидан ишончли ғалабани қўлга киритиб, ишқибозларини хушнуд этди, якуний ҳисоб фарғоналик футболчилар фойдасига 2:0.

Тошкент вилоятининг “Металлург” жамоаси яна мағлубиятга учради. Бекободдаги беллашувда Муборакнинг “Машъал” жамоаси меҳмонда “Металлург”ни 1:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу учрашув якунлангач, “Металлург” жамоаси бошлиғи Шавкат Саидов “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяковга мушт тушурди.

“Қизилқум” устидан қозонилган ғалабадан сўнг “Сўғдиёна” 30 очко жамғариб, турнир жадвалида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасидан кейинги 2-ўринга кўтарилиб олди.  

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар