Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » АОКА томонидан эълон қилинган энг яхши матбуот котиблари ичида Жиззах вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳам етакчилар сафидан жой олди

АОКА томонидан эълон қилинган энг яхши матбуот котиблари ичида Жиззах вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳам етакчилар сафидан жой олди

24 август 2021 йил
38
0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ахборот хизматлари раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг рейтингини эълон қилиб бориш вазифаси юкланган.

Мазкур топшириққа асосан 2019 йил 3 октябрда“Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида 3187-рақам билан рўйхатдан ўтказилган.

Ушбу низомга кўра, Агентлик икки йилдан буён давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари матбуот котибларининг жамоатчиликка Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг ижроси, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тезкор, холис ҳамда биринчи манбаа сифатида тўлиқ ахборот етказиши, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари фаол мулоқот ўрнатиш, эълон қилинаётган танқидий материалларга ўз вақтида ва сифатли муносабат билдириш борасидаги фаолиятини ўрганиб, баҳолаб келмоқда.

Жорий йилнинг июль ойида Агентлик томонидан республика даражасидаги 139 та (ўтган йили 125 та) ташкилот ва идоралар ҳамда 206 та (ўтган йили 201 та) туман ва шаҳар ҳокимликлари матбуот котибларининг 2021 йил I ярим йиллик фаолияти самарадорлиги ўрганилди.

Жумладан, ўрганиш давомида баҳолашда Низомга кўра:

– ахборот хизмати раҳбари фаолияти иш ҳажми (ўтказган матбуот тадбирлари, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки таъминлангани, ёритилиш қамровининг кенглиги ҳамда бир вақтнинг ўзида тадбирларни ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар орқали жамоатчиликка етказиб бериш борасидаги талаблар);

– ахборот хизмати раҳбари иш фаолияти сифати (матбуот тадбирларига профессионал ёндашув, биринчи раҳбарнинг иштироки, ахборотни етказиб беришда турли инструментлардан фойдаланган ҳолда инфографика, фото, видео, аудио ва матн шаклида жамоатчиликка тақдим этиш маҳорати);

 

– ахборот хизмати раҳбари иш самарадорлиги (ташкилот ҳақидаги ахборотни радио/телевидение, газета ва журналлар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва веб-сайтлар имкониятларидан тўлақонли фойдаланган ҳолда ёрита олиши, ташкилот мутасадди бўлган соҳалардаги муаммоларни кўра билиши ва ўз ресурсларида эълон қилишдаги ташаббускорлиги, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материалларга муносабат билдиришдаги тезкорлиги, муайян ахборот воқелиги муносабати билан расмий баёнот (шу жумладан видео форматида) бериши, амалга оширилаётган ишларнинг хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритиши асосий мезон қилиб олинди.


Ҳар бир ахборот хизмати раҳбарининг рейтинги ўзи тааллуқли бўлган йўналиш доирасида ўрганилиб, таснифланди.


Яъни, жорий баҳолашда ташкилотлар:


- Марказий ташкилотлар;

- Вазирликлар;

- Давлат қўмиталари ва қўмиталар;

- Агентликлар;

- Инспекциялар;

- Марказлар;

- Акциядорлик жамиятлари ва компаниялар;

- Бошқа республика ташкилотлари;

- Уюшмалар;

- Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тарзида муайян йўналишларга бўлиб олинди.


Шунга кўра, 2021 йил июль ойига қадар Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари хулосалари асосида ахборот хизмати раҳбари лавозимига расман тасдиқланиб, фаолият юритиб келган республика даражасидаги 139 нафар матбуот котибидан 29 нафарининг (ўтган йил якунида 14 нафар) иш натижалари юқори, 74 нафариники (ўтган йил якунида 67 нафар) ўрта, 23 нафариники (ўтган йил якунида 30 нафар) қониқарли, 13 нафари (ўтган йил якунида 17 та)нинг фаолияти паст даражада, дея баҳоланди. Бир сўз билан айганда, юқори даражали матбуот котиблари сони 15 нафарга ортган бўлса, қониқарли даражадаги матбуот котиблари 7 нафарга, паст даражадаги матбуот котиблари 4 нафарга камайди.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари кесимида 206 нафар матбуот котибидан 10 нафарининг (ўтган йил якунида 6 нафар) фаолияти юқори, 83 нафариники (ўтган йил якунида 7 нафар) ўрта, 70 нафариники (ўтган йил якунида 117 нафар) қониқарли, 38 нафариники (ўтган йил якунида 60 нафар) эса паст даражада, деб топилди. 5 та ҳолатда матбуот котиби лавозими вакант бўлгани ва олти ойдан кам фаолият юритгани сабабли баҳоланмади. Бир сўз билан айтганда, қуйи тизимда юқори даражали матбуот котиблари 4 нафарга, ўрта даражадаги матбуот котиблари 76 нафарга ортган бўлса, қониқарли даражадаги матбуот котиблари 47 нафарга, паст даражадаги матбуот котиблари 22 нафарга камайди. Бу Агентлик томонидан матбуот котиблари билан мунтазам равишда ўтказилаётган медиа-тренинглар ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг натижаси ҳамдир.


Тегишли Низом талабларига кўра:


марказий ташкилотлар йўналишида Марказий банк (А. Назаров);


вазирликлар йўналишида Соғлиқни сақлаш (Ф. Санаев), Адлия (С. Ўринбоева), Халқ таълими (Л. Рустамова), Ички ишлар (Ш. Гиясов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш (Ш. Ахматов), Энергетика (Э. Бекмуродова), Мудофаа (Б. Зулфиқоров), Мактабгача таълим (М. Асқархўжаева), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш (С. Боймирзаева), Қурилиш (Р. Эгамбердиев) вазирликлари;


давлат қўмиталари ва қўмиталар йўналишида Давлат солиқ (М. Назаров) ва Давлат божхона қўмиталари (Н. Cаломов);


агентликлар йўналишида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари (С. Зокирова), “Ўзархив” (А. Алиев), Кадастр (Н. Атамуратов), Ёшлар ишлари (Н. Абдуқодиров), Президент таълим муассасалари (Д. Собирова) агентликлари;


инспекциялар йўналишида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Ш. Хўжақулов);


марказлар йўналишида Гидрометеорология хизмати маркази (М. Асқарова),


акциядорлик жамиятлари ва компаниялар йўналишида “Ўзбекистон товар-хомашё биржаси” АЖ (Ҳ. Тиллабоев), “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (М. Маметова), “Ўзсувтаъминот” АЖ (А. Муродов), “Ўзкимёсаноат” АЖ (М. Хаитова);


бошқа ташкилотлар йўналишида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (М. Бозоров);


маҳаллий давлат ҳокимияти органлари йўналишида Самарқанд вилояти (М. Мирзаев), Бухоро вилояти (О. Жўраев), Жиззах вилояти (А. Бинокулов), Қашқадарё вилояти (А. Содиқов) ҳокимликлари;


туман ва шаҳар ҳокимликлари йўналишида Самарқанд (А. Пўлатов), Каттақўрғон (Ж. Носиров), Урганч (Б. Худайберганов) шаҳарлари, Булунғур (А. Жаббаров), Самарқанд (Б. Хонкелдиев), Жомбой (О. Одилов), Оҳангарон (Э. Утбасов), Ҳазорасп (Ж. Усманова), Янгибозор (У. Нурметова), Учтепа (Т. Тўраев) тумани ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари 2021 йилнинг биринчи ярмида юқори натижа қайд этди.




Мазкур ташкилотлар ахборот хизматлари томонидан ахборотни замонавий формат, онлайн ва кенг қамровли усулда оммавий ахборот воситалари (радио/телевидение, газета, ижтимоий тармоқлар, мобил мессенжерлар ва веб-сайтлар) орқали фойдаланувчиларга инфографика, фото, аудио, видео ва матн шаклларида, муайян белгиланган вақт оралиғида етказиб бериш;


- соҳага доир муаммоларни биринчи манба сифатида олиб чиқиш (ўзини ўзи танқид қила олиш);

- ижтимоий тармоқларда мавзуга алоқадор воқеа-ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш ва ўз расмий саҳифларида ёритиш;

- ташкилот ва у билан боғлиқ жараёнларни аҳолига етказишда видео ва матн шаклидаги баёнотлар билан чиқишлар қилиш;

- хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг соҳага доир имижини оширишга қаратилган материалларни кенг эълон қилиб боргани аниқланди.


Бироқ, баҳолаш натижалари таҳлилига кўра, аксарият ахборот хизмати раҳбарлари (81 нафар (58,2 фоиз) видео форматида расмий баёнот бериш бўйича паст кўрсаткич қайд этган. Хусусан, қуйидаги матбуот котиблари ОАВ ёки ўз ресурслари орқали видео форматда баёнот бермаган - Молия, Туризм ва спорт, Сув хўжалиги вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), “Маҳалла ва оила” илмий тадқиқ институти, “Олмалиқ кон металлургия комбинати”, “Ўзагролизинг” АЖ, “Дори-дармон” АК, Хоразм, Андижон вилояти ҳокимликлари. Ваҳоланки, матбуот котибини кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларга ташкилот юзи сифатида танилиши муҳим аҳамиятга эга.


Таҳлиллар 31 нафар (22,3 фоиз) ахборот хизмати раҳбари томонидан ижтимоий тармоқларда берилган онлайн эфирлар сони жуда кам эканини кўрсатди. Аслида эса бугунги кунда “Facebook”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқларда жонли эфирга чиқиш учун ҳеч қандай қўшимча ускуна ёки ишчи кучи талаб этилмайди. Буни интернетга уланган уяли телефон ва унинг камераси орқали исталган матбуот тадбири пайтида амалга оширса бўлади.


Баҳолаш мезонида алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан яна бири – ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий материалларга ахборот хизматининг расмий муносабатини билдириш ҳолатидир. Республика бўйича умумий ҳисобда танқидга жавоб бериш кўрсаткичи сезиларли даражада ўсган. Хусусан, ташкилотлар томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган 3178 та танқидий материалнинг 2913 таси (ёки 92 фоизи)га расмий муносабат билдирилган бўлса-да, тезкорлик талаблари бўйича айрим ташкилотлар ахборот хизматлари фаолиятида камчиликларни кузатиш мумкин.


Туман ва шаҳарлар ҳокимликларида эса ташкилий масалалардаги камчиликлар, ахборотни етказиб беришда замонавий ёндашувлардан фойдаланмаслик, кузатувчилари кам бўлган телеграм каналлари билан чекланиш, шунингдек, ишнинг тизимли олиб борилмаслиги каби камчиликлар яққол кўзга ташланмоқда. Қолаверса, аҳолини радио, телевидение, газета ва журналлар, кўп мухлисларга эга бўлган ижтимоий тармоқлар ҳамда веб-сайтлар орқали хабардор қилиб бориш даражаси паст.


Агентлик ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларга қўйилаётган вазифаларни самарали бажаришларини таъминлаш, давлат ва оммавий ахборот воситалари ўртасида чинакам кўприкка айланиши учун тизимли иш олиб бормоқда. Матбуот котибларининг баҳоланиши ва рейтинги юритилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам улар фаолиятини таҳлил қилиш, керакли хулосалар чиқариш ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича ишларни ташкил қилишга қаратилган. Барча матбуот котиблари бу жараённи чуқур тушунган ҳолда, келгусида ўз позицияларини мустаҳкамлаш, вазифаларини сидқидилдан бажариш учун фаоллик кўрсатишига ишонамиз.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар