Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » Жиззахда ёшлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда

Жиззахда ёшлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда

16 июль 2021 йил
95
0

Бандлик дастури амалда

Жиззах вилоятида Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Жиззах шаҳри, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган ўқув марказларида ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

Энг муҳими бир вақтнинг ўзида 620 фуқарони қамраб олиш қувватига эга Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносида Жиззах шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди.

Ушбу мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг 14 миллиард 400 миллион сўмлик ва Жаҳон банкининг қиймати 1 миллиард 145 миллион 344 минг сўмлик маблағлари эвазига барча зарур жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Жиҳозлаш WORLD SKILLS талаблари асосида амалга оширилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибий тизимига кирувчи банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида 5 та хизмат тури, 1 ойдан 4 ойгача қисқа муддатли 22 турдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари ташкил этилган.

– Мономарказда банд бўлмаган фуқаролар сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техника соҳасида 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалигида 2 та касбга ўқитилмоқда, – дейди Жиззах шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази директори С.Мелиев. – Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида рус, инглиз, корейс, хитой ва япон тиллари, рақамли технологияларни ўргатиш махсус курсида эса компьютер саводхонлиги (Microsoft Office), дастурчи, 1С бухгалтерия ва бюджет ташкилотларига бухгалтер мутахассисликлари ўргатилади. Бундан ташқари, тадбиркорлик асослари бўйича ҳам қисқа муддатли курс ташкил этилган.

Айни пайтда, Жиззах шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида 13 турдаги касбга ва тил ўқув курсларида 207 нафар фуқаро касб сирларини ўрганмоқда.

Зарбдор туман хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи негизида “Зарбдор касб-ҳунарга ўқитиш маркази” ташкил этилган. Тумандаги “Оқбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган умумий майдони 2,89 гектардан иборат бу ўқув марказида банд бўлмаган фуқароларнинг касб-ҳунар ўрганишлари учун барча қулайликлар яратилган.

Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси таркибий тизимига кирувчи ишсиз фуқаролар учун ушбу касб-ҳунарга ўқитиш марказида 11 турдаги ишчи касблари ва 5 турдаги қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича касбий ўқув машғулот курслари йўлга қўйилган.

Айни пайтда, банд бўлмаган фуқаролар ушбу марказда сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 та, техник соҳада 3 та, қурилиш соҳасида 1 та, қишлоқ хўжалигида 5 та касбга ўргатилаётган бўлса, рақамли технологияларни ўргатиш масхсус курсида компьютер саводхонлиги (Microsoft Office) ва 1С бухгалтерия ва бюджет ташкилотларига бухгалтер тайёрланади. Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида эса инглиз тили ўргатилмоқда.

Юқорида таъкидланган йўналишлар бўйича марказда 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда бепул ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тўлалигича йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касблар бўйича иш излаётган шахсларни ва корхона, ташкилот, муассасалар буюртмасига кўра пулли асосида ҳам қисқа муддатда ўқитиш амалга оширилмоқда.

– Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг йиллик қуввати 820 нафар бўлиб, бу бир чоракка 205 нафар тингловчи тўғри келади деганидир, – дейди “Зарбдор касб-ҳунарга ўқитиш маркази” директори И.Эргашев. – Ўқув машғулотлари ва амалиётларни ўтиш учун етарли малака ва тажрибага эга бўлган педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталари жамланган. Марказимиз туман АБКМлари йўлланмаси ва тўлов контракт асосида фуқороларни ўқитиб давлат стандартларига мос келувчи сертификатлар билан таъминлайди. Зарбдор туманидан ташқари Шароф Рашидов номли, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин туманлари фуқароларини ҳам ўқитиб, сертификат беряпмиз.

Марказга жорий йилда Осиё тараққиёт банки гранти асосида ошпаз, тикувчи, аёллар сартарошлиги йўналишлари учун мўлжалланган жами 686 миллион сўмлик ўқув ва ишлаб чиқариш жиҳозлари етказиб берилди.

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги қарори асосида Мирзачўл тумани ишсиз аҳолини “Касб-ҳунарга ўқитиш маркази” ташкил этилган.

Бугунги кунда, марказда аҳоли машинасозлик, қишлоқ хўжалик механизаторлари, кўп тармоқли чилангарлик бўйича 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда бепул ўқитилиб, қайта тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, марказда тикувчилик, электрогазпайвандловчи, металларга ишлов берувчи усталар, қишлоқ хўжалик техникалари билан ишлаш механизаторлари, инглиз тили ва компьютер саводхонлиги йўналишлари ҳам бор.

– Мирзачўл касб-ҳунарга ўқитиш марказимизнинг йиллик қуввати 600 нафарни ташкил этиб, бир чоракка 150 нафар тингловчи тўғри келмоқда, – дейди ушбу марказ директори Д.Эралиева. – Марказга Мирзачўл туманидан ташқари Фориш, Арнасой, Дўстлик ҳамда Зафаробод туманлари фуқаролари ҳам келиб ўқиб, сертификат олмоқда.

Жорий йилда Мирзачўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида 1 минг 200 нафардан ортиқ фуқаро сертификат билан таъминланди.

Вилоятдаги ҳар учта касб-ҳунарга ўқитиш маркази – умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни тамомлаган ва доимий ишга эга бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш ўқув машғулот курсларини ташкил этувчи ташкилот ҳисобланади.

Ушбу ўқув марказларини битириб, муқим касбга ўргатилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ўзлари яшайдиган ҳудуддаги сектор раҳбарларининг зиммасига юклатилган.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар