Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » Кадастр органи мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга ҳилоф, қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги оммавий ҳуқуқий низолар бўйича маъмурий судларда мурожаат қилиш тартиби

Кадастр органи мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга ҳилоф, қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги оммавий ҳуқуқий низолар бўйича маъмурий судларда мурожаат қилиш тартиби

14 июнь 2021 йил
401
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ўз навбатида, мамлакатимизда маъмурий суд ишлари юритувининг ташкил этилиши асосий қонунимизда мустаҳкамланган ушбу ҳуқуқларни самарали амалга оширилишини таъминлашда ҳам хизмат қилади.

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасидаги мурожаатлари йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу аввало, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар самараси ўлароқ, фуқароларнинг одил судловга ишончи муттасил ортиб бораётганлигининг амалдаги ифодасидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4966-сон Фармони суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Бинобарин, мамлакатимиз Конституциясида фуқаролик, жиноий ва иқтисодий суд ишларини юритиш билан бир қаторда маъмурий суд ишларини юритиш алоҳида соҳага ажратилганлиги, қолаверса, маъмурий процесс бошқа суд ишларини юритишда ўзига хос бўлган жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туриши “Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисида”ги кодексни қабул қилинишини тақозо этди. 2018 йил 25 январда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси  қабул қилинди ва бугунги кунда барча маъмурий суд ишларини юритиш тартиби ушбу кодекс талаблари асосида амалга оширилмоқда.

Судда маъмурий ишларни юритишнинг фуқаролик процессидан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – унда бир тарафда албатта мансабдор шахс (давлат бошқаруви органи) қатнашишидир. Фуқаролик-процессуал муносабатларда эса ҳар иккала томонда ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзловчи фуқаролар – мулкдорлар иштирок этиши мумкин.

Маъмурий суд ишларини юритишда мансабдор шахслар хусусий шахс сифатида эмас, балки ўзи фаолият кўрсатаётган идора, ташкилотнинг вакили сифатида иштирок этади. Шикоят қилган шахс низолашаётган хатти-ҳаракат ҳам ушбу шахс томонидан ўз хизмат вазифасини бажаришга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида талқин этилади. Бир сўз билан айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш бир тарафда фуқаро, иккинчи тарафда эса мансабдор шахс (ижро ҳокимияти органи) ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг махсус процессуал тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси(бундан кейинги матнда -МСИЮтК)нинг 26-моддасига кўра, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Агар кадастр органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари натижасида ташкилотлар ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбурият келтириб чиқарувчи ҳужжат қабул қилинса, манфаатдор шахс мансабдор шахснинг ҳаракатларини қонунга ҳилоф деб топиш тўғрисида шикоят билан эмас, балки шундай ҳаракатлар натижасида қабул қилинган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилиши лозим.

Кадастр органи мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларининг қуйидаги:

фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлган;

фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини руёбга чиқаришга монеълик туғдирган;

фуқаро зиммасига қонунга ҳилоф равишда қандайдир мажбурият юклатишга сабабчи бўлган коллегиал ёки якка тартибдаги хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан шикоят қилиниши мумкин.

МСИЮтК 32-моддасига кўра фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳарактсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.

МСИЮтК 33-моддасига кўра турли ерларда жойлашган бир нечта жавобгарга нисбатан ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Амалиётда жуда кўплаб ҳолларда аризачилар судга кадастр органларига нисбатан тўғридан-тўғри бирор бир мажбуриятни юклаш ҳақидаги талаб билан мурожаат қилмоқда.

Ваҳоланки, “мажбурият юклаш ҳақида”ги талаб бўйича ишлар суд томонидан кўрилиши мумкинлиги қонунда назарда тутилмаган.

Агар аризачининг талабида кадастр органларининг   ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги талаб қўйилмасдан туриб, тўғридан-тўғри мажбурият юклаш ҳақида талаб қўйилган бўлса, бундай талаб судга тааллуқли бўлмайди ва бу талаб мазмунан кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Бундай талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмасдан, МСИЮтКнинг 108-моддаси 1-банди талаблари бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқариш лозим бўлади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, юридик ёки жисмоний шахслар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилишлари мумкин. Бундай тоифадаги ишларни судлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1060-сонли қарори 1-иловасига мувофиқ, “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари талабларига ҳам риоя қилишлари лозим.

Кадастр органларининг ҳаракати (ҳаркатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.

Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);

4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

5) аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризага (шикоятга) қуйидаги,

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;

2) аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган ҳолдаги ҳужжатлар илова қилинади.

М.М.Юлдашев

Жиззах туманлараро

маъмурий суди судьяси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар