Телефонлар:
(0372) 222-40-00
(0372) 222-40-10
» » Ташқи рекламаларда давлат тили масаласи

Ташқи рекламаларда давлат тили масаласи

15 март 2021 йил
508
0

Жорий йилнинг 11 март куни Жиззах шаҳар Ислом Каримов, Мустақиллик, Шароф Рашидов шоҳ кўчаларидаги ташқи рекламалар, жумладан пешлавҳа, реклама ва бошқа ахборот матнларининг "Давлат тили ҳақида"ги, "Реклама тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мослиги ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октабрдаги  " Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5850-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 61-сон қарори,   шаҳар ҳокимининг 2021 йил 18 февралдаги 23-ф-сон фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги ташкил этган ишчи гуруҳлар томонидан  шу йилнинг 9 феврал санасида шаҳардаги 100 га яқин тадбиркорлик объектларидаги ташқи реклама воситаларининг ҳолати ўрганилганда пешлавҳа, нархнома, эълон ва бошқа ахборот матнларининг давлат тили қоидаларига мос келмаслиги, ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда тегишли ташкилот ва идоралар билан шартномалар тузилмаганлиги аниқланиб, бу борада тадбиркорларга ташқи реклама воситаларини давлат тили қоидалари асосида  жойлаштиришлари  ҳамда тегишли идоралар билан шартномалар тузиш ва паспортларини тайёрлашлари лозимлиги тўғрисида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантириш хатлари тақдим қилинган эди.

Ўрганишлар натижасида  давлат тили қоидаларига мос бўлмаган  ва ноқонуний ўрнатилган реклама воситалари огоҳлантириш хатини олганликларига қарамай, бир нечта тадбикорларнинг реклама воситалари талаб даражасига келтирилмаганлиги ва ўзгартирилмаганлиги учун тегишли мутасадди вакиллар томонидан олиб ташланди.

Ачинарлиси, айрим тадбиркорлар томонидан Президент Фармонлари, Ҳукумат қарорларига ҳамда давлат тилига “ўз она тилимизга” беписандлик билан қараб, “Менга Ўзбек тили ёқмайди, ўзбек тилининг сўзлари жарангдор эмас. Харидорларни ўзига жалб эта олмайди, шунинг учун ўзгартирмайман” қабилидаги сўзлар билан ишчи гуруҳ фаолиятига халақит бериш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу каби “фикрлар”, хатоликлар, ҳар қадамда бошқа тилда осилган рекламалар ундаги ахборот матнларида тил қоидасининг қўпол равишда бузилиб келаётганлиги, бугунги тил сиёсатига ҳамда унинг мавқеи ва ривожига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки ривожланиб бораётган жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида она тилимизга ҳурмат ҳиссини икки карра ошириш вақти келди. Тилимиз тараққиётига хизмат қилиш йўлида масъулиятни ҳис этиб, миллийлигимизни акс эттирувчи давлат тили сиёсатига панжара ортидан қарамаслигимиз лозим. Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган она тилимизни келажак авлодларга янада ривожлантириб, бойитиб, бекам-у кўст етказиш бизнинг олий бурчимиздир. Зеро, тил яшар экан, миллат яшайди.

С.Шерқўзиева

Жиззах шаҳар ҳокими маслаҳатчиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар